|
ОТАШЛАРДА ТОБЛАНГАН ҲАЁТ...
(қисса)

Ақл-заковати ила мустақил давлатга асос солиб, миллатига озодлик инъом этган, ўзи яратган жамиятда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий муносабатлар изчиллигини уйғунлаштириб, миллат ривож-равнақига бош-қош бўлган, жаҳон халқлари ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини боғлаган, тинчлик-тотувлик барқарорлигига ўз ҳиссасини қўшган, минг йиллардан акс-садо бераётган иймон-эътиқод пойдеворини мустаҳкамлаш шарафига муяссар бўлган буюк зот, арбоб, миллат ғурури, миллат фахри, шак-шубҳасиз миллат доҳийсидир.
УЛУҒБЕК БАРЛОС
Исми аъзам
оғир кунларимда илҳом париси ила ҳамнафас этиб, мендан марҳаматини дариғ тутмаган оллоҳимга минг бора ҳамду санолар бўлсин.
Минг бора санолар
санолар беҳад,
Бебаҳо ҳаётни
берганинг учун.
Кеча-ю кундузи
этганимда ёд,
Ғам чекиб, мен билан
юрганинг учун.
Ўн саккиз минг олам
Сарвари Аъзам,
Минг бора зиёдсан,
минг бор комилдан.
Сен пайдо айлаган
бу ҳаёт - соз ҳам,
Оҳ, шодлик, ишқ, нафрат,
турфа омилдан.
Гарчи эрса ҳамки
Темурий аслим,
Бир афгор қулингман,
даъвойим йўқдур.
Сени севолмагай
мендайин ҳеч ким,
Қалбимда жўш урган
муродим тўқдур.
Пайғамбар, авлиё,
шоҳ, ҳоким, гадо,
Ғазабинг олдида
бир имо - тарсак.
Чиқса-ю чиқмаса
биздан бир садо,
Тобутга шошамиз
кўп нари борсак.
Бу фоний кўргулик
истаги рўё,
Хатодин ҳолимас
башар, расулинг.
Кимга вафо қилган
чархпалак дунё,
Ўтинчим сендандир
мурод ҳосилим.
Йўқ, асло сўрамам
бойлик ё тожни,
Сийму-зар, амалга
назарим пастдур.
Куйдириб кул этсанг
фано иложни,
Жамолинг васлига
етишсам басдур.
Ул чоғки, нур дийда
гирён малаклар,
Бошқага тушма, деб
кўзимни ўйсам.
Сен босган қадамни
кўзимга суртиб,
Оёғинг сарига
бошимни қўйсам!..
Адолатдан макка қур,
Сиғингайлар шубҳасиз.
Ҳатто аршу аълода,
Қолмагайсан туҳфасиз.
Қадим-қадим замонда, Миср деган томонда Фарруҳ деган шоҳ ўтган экан. Унинг салтанати бениҳоя бўлиб, ер юзида танҳо ҳисобланаркан. Салтанати яктолигиданми, унинг дунёда ҳусни баркамолликда тенги йўқ соҳибжамол Адолат исмли жондан суйган аёли - жуфти ҳалоли бўлган экан.
Шоҳ Адолат бирла висоллашган онлари бутун борлиқ ва салтанат ишларини унутиб, кайфу сафога муккасидан берилиб кетаркан.
Шоҳ Фарруҳнинг бу каби ҳолатга тушишидан пайт пойлаган сарой аъёнлари мамлакат сарҳадида беҳад аёвсизликлар қилиб, эл-халққа жабру ситамлар ўтказарканлар.
Шул боис, шоҳ Фарруҳ бехабар ҳолда мамлакатда адолатсизликлар ҳукм сура бошлабди.
Ҳаттоки, эл-халқ орасида:
Замон-замон, замона,
Адолатга томона.
Шоҳ Фарруҳ айш-ишратда,
Элу халққа домона.
Замон-замон, замона,
Золимларга омона.
Пичоқ суякка етмиш,
Элу халққа ёмона,
қабилидаги афсонага айланмиш лапарлар тўқилиб, оғиздан-оғизга, элдан-элга овоза бўлиб бораверса-да, шоҳ Фарруҳ ожизона, Адолатнинг висол лаззати лаҳзалари ичра ғарқ бўлиб, давлат ишларини бутунлай ташлаб қўйибди.
Бундан фойдаланган сарой аъёнлари ва амалдорлари давлат хазинасини талон-тарож қилишибди.
Эл-халққа ўтказилган ситам сабр-косаларини тўлдириб, батамом қашшоқликка юз тута бошлабди. Бу дунёда адолат борму ўзи, дейишиб, кишилар бир-бирларига оҳу фарёд қилсалар, баъзи бирлари ҳангомага йўйишиб, Адолат нима қилсин бу дунёда, Адолат шоҳ Фарруҳнинг қўйнида ётибди, дейишадиган бўлишган эканлар...
Шу эртакни ўқиб турганимда, кутубхонага Сафар ака кириб келди. Ёши элликлардан ошган бу киши билан танишганимизга кўп вақт бўлгани йўқ. Бироқ хулқ-атворимиз, очиқ мулоқотга мойиллигимиз бир бўлганлиги боис суҳбатлашиш асносида фикр-ифодамиз бир-бирини тўлдирар эди.
Ўрта бўйли, елкадор, қора сочларига оқ оралаган, қўнғир кўзли, қирра бурун, юз тузилиши чўзинчоқ, иякдор, ўткир, аммо сўниққан нигоҳи ниҳоятда оғир-босиқ, вазмин хулқ-атвор эгаси эканлигидан далолат берарди.
- Ассалому алайкум, келинг Сафар ака, - дея ўрнимдан туриб қарши олдим.
- Ваалайкум ассалом Бек, бир оғиз бўлса-да, дардлашиб, суҳбатлашсак, дегандим.
- Суҳбат бўлса суҳбатда, Сафар ака. Қани, ўтиринг.
У киши мен кўрсатган жойга, мен эса ўз ўрнимга ўтирдим. Ҳол-аҳвол сўрашгач, суҳбатга ўтдик.
- Сафар ака, биласизми, ҳаётда шундай инсонлар бор-ки, уларнинг кечмишини ҳар қандай инсон яшаш учун қўлланма қилиб олса арзийди, деб ўйлайман.
- Унчалик эмаску-я, аммо умримнинг йигирма етти йилини миллий хавфсизлик хизматига бағишлаганман,- деди хиёл жилмайиб, - то ҳозирги кунга тушгунга қадарлик, - деб қўшиб қўйди.
- Бошга оғир кун тушиб, инсон пешонасига тавқу лаънат битилиб, аламзада юрагида дард билан яшай бошлаганда у бутун дунёга, борлиққа, кўз олдида бўлаётган воқеаларга, инсон билан инсон ўртасидаги тафаккур бовар қилмайдиган даражадаги яхши-ёмон муносабатларга оддий инсон кўзи билан қарайдиган бўлади. Сиз билан ҳозир қандай шароит, вазиятда суҳбат қурмайлик, муносабатларимиз қай йўсинда давом этмасин, ўртамиздаги самимият сақланиб қолишини истардим.
- Йигитлардан сиз тўғрингизда анча илиқ сўзларни эшитдим. Туҳматдан ўтирганингиздан ҳам бохабарман. Шоир, ёзувчи, ҳуқуқшунос, терговчи бўлган киши бундай ножўя ишни қилибди, деса, гўрдагилар ҳам тик туради. Вақти-соати келиб, ҳаммаси жойига тушади, мана мени айтганди, дерсиз ўшанда. Айтган сўзларигингизга келсак, мен ҳам сиз каби самимий суҳбат тарафдориман, - деди Сафар ака.
Унинг синиққан нигоҳи сўзларининг тўғри эканлигидан далолат берарди.
- Сиздек инсоннинг суҳбатига муяссар этган Оллоҳга шукроналар айтаман. Шу дақиқадан бошлаб бир дардкашга ошно бўлдим, деяверинг.
- Бундан хурсандман. Суҳбат учун сизни танлаганимдан мақсад, китобларингизни ўқиб чиқдим. Мақтамоқчи эмасману, аммо ижодингиз менда яхши таассурот қолдирди. Бу ерда сиздек одамни топиш мушкул. Ҳамма вақт ҳам бундай имконият бўлавермайди. Сизу бизни Оллоҳнинг ўзи юзма-юз келтирган бўлса, не ажаб.- деди Сафар ака.
- Мен ҳақимда анча-мунча маълумотга эга бўлибсиз. Бироқ, мен сиз ҳақингизда ҳеч нарса билмайман.
- Тушундим. Ўзим ҳақимда сўзлаб берай. 1948 йилда Хоразмнинг Манғит туманидаги (айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудига киради) Москва қишлоғида туғилганман. Ўрта мактабни битирганимдан сўнг, Тошкент Давлат Университетининг кимё куллиётига ўқишга кирдим. 1970 йилда ўқишни тугатиб, олган мутахассислигим бўйича ўша вақтдаги СССР мудофаа вазирлиги ихтиёрига жўнатилдим. Чехословакия республикасида хизмат қилдим. 1972 йилда хизматдан қайтгач, Тошкент Давлат Университетининг кимё куллиётида иш фаолиятимни бошладим. Шу билан бирга илмий иш билан шуғулландим. Изланишлар жараёнида махсус адабиётлардан фойдаланиш учун рухсатнома керак эди. Назаримда, ўша вақтлар миллий хавфсизлик хизмати ходимлари назарига тушган бўлсам керак. У пайтда мен катта лейтенант ҳарбий унвонига эга бўлган, коммунистик партия сафига қабул қилингандим. Тайёр мутахассис бўлганлигим боис, мени миллий хавфсизлик хизматига ишга таклиф қилишди. Буни қабул қилдим. Иш фаолиятим бошланди. 1974 йилнинг январида Минск шаҳридаги СССР давлат хавфсизлик қўмитаси ходимларини тайёрлаш бир йиллик олий курсига қабул қилиндим. Ўқишни аъло даражада тугатгач, Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик қўмитасига ишга юборилдим. Қўмита раҳбарларидан республиканинг энг оғир ҳудудига ишга юборишларини сўрадим. Менинг талабимни қондиришиб, Сирдарё вилоятига ишга юборишди. Беш йиллик иш фаолиятим давомида тезкор вакилдан бўлинма бошлиғи даражасига етдим.
1980 йилда Москва шаҳридаги Дзержинский номли давлат хавфсизлик қўмитаси раҳбарларини тайёрлайдиган, академия ҳисобланадиган олий мактабда ўқиш шарафига муяссар бўлдим. 1982 йилда ўқишни аъло даражада тамомлаб, Ўзбекистонга ишга қайтдим. 1988 йилга қадар турли вазифаларда ишладим. Шу йили Фарғона вилояти миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғининг биринчи муовини этиб тайинландим. 1991 йил мен учун омадли келди. Сентябр ойида Республикамиз Президентининг фармони билан Президент хавфсизлигини таъминлаш хизмати бошлиғи лавозимига кўтарилдим. Бу янги хизмат тизими бўлиб, ишларни янгидан ташкиллаштиришга тўғри келган. 1993 йилда эса янгидан тузилган Республика миллий хавфсизлик хизмати давлат қўмитаси ҳарбий разведкага қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинландим. Қамоққа олингунимга қадар шу вазифада ишладим. Шу давр ичида полковник унвонига эга бўлдим.
Сафар ака менга қараб: - Мана шунақа гаплар, укам, бу тақдирми, бирор бир синовми, билолмадим, - деб чуқур хўрсинди.
Бунақанги таржимаи ҳолни эшитгач, бирор сўз айтмоққа тилинг лол бўлиб қолар экан. Шу тобда Сафар аканинг сўзларини тинглаган менинг ҳам юрагимда сукут сақлашдан ўзга бир малҳам бўлиши мумкин эмасди...
Ўртамиздаги сукунатни бузиб, Сафар аканинг ўзи секин, босиқ овозда сўзини давом этди.
- Турли топшириқлар билан дунёнинг ўнлаб мамлакатларида бўлганман. Давлат мукофотлари билан тақдирланганман. Шулар ичида Авғонистон ҳукумати томонидан берилган медал ҳам бор.
Сафар акани бир оз бўлса-да ғуссадан чалғитиш мақсадида: - Медал билан боғлиқ бўлган саргузаштлар ҳақида сўзлаб берсангиз,- дея илтимос қилдим.
- 1985 йилда Республика миллий хавфсизлик хизмати давлат қўмитасида диний экстремизмга қарши кураш бўлими бошлиғи бўлиб ишлардим. Мени Москвага чақириб олишди. Ўша вақтда КГБнинг раҳбарларидан бўлган генерал Струнин мени қабул қилиб, бажаришим лозим бўлган топшириқни тушунтирди. Ўша ернинг ўзида тайёргарлик кўриб, керакли анжомларни ҳозирлаб, генерал Струнин раҳбарлигида махсус самолётда Тошкент орқали Авғонистоннинг Қобул шаҳрига учиб бордик. У ердан бизларни фақат разведка ишлари билан мунтазам равишда шуғулланаётган 40-армия жойлашган ергача кузатиб боришди. Ўша ерда мени Авғонистон Республикаси разведкаси подполковниги Нурмуҳаммад билан таништиришди.
Бажарилиши лозим бўлган топшириққа кўра, Авғонистон Республикаси партияси котиби Нажибилло давлат раҳбарлигини қўлга олиши учун маҳаллий шароитдаги ўзбеклар уни қўллаб-қувватлашлари, унга итоат этувчи кучлар билан бирлашишлари лозим эди. Бу ишни амалга ошириш учун Авғонистондаги ўзбекларнинг раҳбари Ўзбекхонни кўндириш, унинг розилигини олиш, қандай шарт қўйишидан қатъий назар, Нажибилло кучлари билан бирлашишларини таъмин этиш лозим эди. Аммо бу ишнинг амалга оширилишига ҳеч ким кафолат бера олмасди. Негаки, буни бажарган кишининг шахсий хавфсизлиги таъминланмас, бунинг асло иложи ҳам йўқ эди.
АН-26 ҳарбий самолёти билан Нурмуҳаммад иккаламиз Ҳирот шаҳрига учиб бордик. Ҳиротда ўзбеклар кўп бўлиб, ишни ўша ерда бошлаш келишиб олинганди. У ерда Нурмуҳаммад билан биргаликда олиб борган ишларимиз натижа бермади. Берилган топшириқни эса бажармаслик мумкин эмасди.
Шунда мен ўз бошлиқларим билан гаплашдим. Бутун ҳаракат масъулиятини зиммамга олиб, давлат аҳамиятига молик топшириқни бажариш учун ҳаётимни гаровга тикиб бўлса-да, давлат номидан ҳаракат қилишга тўлиқ ваколат олиб, ўзим тузган режа асосида иш бошладим. Даставвал Ҳирот шаҳридаги ўз мавқеига эга бўлган ўзбек дўкондорлари билан алоқа ўрнатиб, ўзим билан олиб борган совғалардан улашдим. Ўзбек эканлигимни билдириб, яқиндан танишишга муваффақ бўлдим. Улар билан бир неча маротаба учрашиб, иноқ бўлиб, ишончларини қозонганимдан сўнг мақсадимни очиқдан-очиқ баён этдим. Ниҳоят, Ўзбекхон билан учрашадиган бўлдим.
Ўз одамларим мени Шош-Нури қишлоғигача кузатиб қўйишди. Сўнгра Ўзбекхоннинг одамлари менга эгалик қилишиб, унинг қароргоҳигача кузатиб боришди. Менинг ҳақиқатдан ўзбек эканлигимга ишонч ҳосил қилганларидан кейингина Ўзбекхон билан учраштирдилар.
Ўзбекхон ёши элликларга бориб қолган, узун бўйли, елкадор, бошида салла, ҳақиқий ўзбеклардек салобатли, ўта жиддий қиёфадаги киши бўлиб, зарбоп тўн кийиб олган эди.
Ўзбекхон билан уч кун давомида мунтазам мулоқотда бўлдик. Ўзбекистондан миллийлик рамзи сифатида олиб борган совғаларни, Самарқанд, Бухоро, Хоразмнинг қадимий ёдгорликлари суратларини, кинофилъмларни тақдим этиб, уларга нисбатан ҳеч қандай истило ёки тазйиқ ўтказилмаслигини, ҳар қандай шарт бўлса қабул қилинажагини, улардан бўладиган биргина ёрдам ўз одамлари билан биргаликда Нажибилло тарафдорлари томонида туриб, уни давлат тепасига чиқишида кўмак беришлари кераклигини тушунтирдим. Аму сувини ичган ўзбекнинг фарзандиман, деганимдан сўнг, у менга ишониб, ўн минглик қўшини билан ўзбеклар номидан Нажибиллони қўллаб-қувватлашга розилик билдирди. Якуни нима билан тугаши мавҳум, ўта хатарли бу давлат топшириғи муваффақият билан якунланганди. Шу бажарилган иш учун “Миннатдор авғон халқидан" медали билан тақдирландим.
- Келажак учун хизмат қилишдан буюкроқ ишнинг ўзи бўлмаса керак, Сафар ака.
- Бўлиши мумкин, - деб жавоб берди суҳбатдошим бош силтаб қўйганча.
- Эшитишимга қараганда, Олмалиқ металлургия заводининг олтинни қайта ишлаш цехида содир этилган жиноятлари фош этишда шахсан бош-қош бўлган экансиз.
- 1995 йилнинг сентябр ойлари эди. Олмалиқ металлургия комбинатида ички қўшинларга тегишли қисм қўриқчилик фаолиятини олиб борганлиги, бу қўшин бизлар фаолият кўрсатадиган тизимга қарашли бўлганлиги сабабли ўз ваколатим доирасида иш олиб боришга тўғри келган. Ўз одамим орқали шу комбинатда олтин ва кумуш ўғирликлари содир этилаётганлиги ҳақидаги маълумотни олганимдан бошлаб, ушбу жиноятни фош этишда раҳбарликни ўз зиммамга олганман.
Кузатувлар, олиб борилган пинҳоний текширувлар комбинатда ишлаётган бир кишига бориб тақалгандан сўнг, қўлга олиш режасини тузиб, вақти, соатини белгилаб, тадбирни муваффақият билан ўтказдик.
Уринишларимиз натижасида рус миллатига мансуб бўлган шахс қўлга олинди. Тинтув ўтказилиши вақтида унинг уйидан бир неча килограмм олтин, кўп миқдордаги кумуш, худди комбинатдаги сингари олтинни қайта ишлаш учун кичик ҳажмдаги цех борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида ишга қўшиш учун олинди.
У шахснинг қўлга олинганлиги сир тутилгани ҳолда, у билан йигитларимиз фаол иш олиб бордилар. Бирин-кетин шериклари, унга кўмак берганлар, ўғирликдан хабари бўлган ва бунга йўл қўйиб, шарт-шароит яратиб берган манфаатдор шахслар ҳам қўлга олинди. Уларнинг сони ўттиздан ортиқ бўлиб, турли вазифадаги кишилар эди.
Ўз ваколатимиз доирасидаги ишларни бажариб бўлганимиздан сўнг, ишнинг ниҳоясига етказилмаган, бизнинг тизим шуғулланиш ваколатига эга бўлмаган қисмлари бўйича тўпланган ҳужжат ва далилларни, кузатув хатлари билан ишни охирги нуқтагача олиб бориш учун ички ишлар тизими ва прокуратурага тақдим этгандик.
Мен бу ишни ўз ваколатим доирасидан чиқмаслик учун қилганман. Бу иш ниҳоясига етказилмаслиги, ўз бошимга мусибат бўлиб тушишини билганимда ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзим охирига етказган бўлардим.
- Демак, ишнинг якуни юқори вазифадаги амалдорларга ҳам бориб тақалар экан-да?
- Шундай бўлган. Бизнинг хизмат ҳарбий разведкага қарши кураш ишлари билан шуғулланганлиги боис фуқаролар билан ишлаш ваколати берилмаган. Ишнинг ниҳоясига етмай қолган қисми бўйича тўпланган ҳужжатларни бошқа тизимларга беришга мажбур бўлганмиз.
- Тушунарли. Сиздек баобрў, етук мутахассис, юқори вазифадаги кишининг қамоққа олинишига ақл бовар қилмайди. Бу ишнинг оқибатига бепарво қарагансиз-у, улар сиздан қўрқиб, қўрқоқ олдин мушт кўтарар, қабилида иш тутишган.
- Шундай изоҳланса, айнан ҳақиқат бўларди. Мендан ғайритабиий шароитда жиноятчи яратишаяпти. Аслини олганда амалдаги қонунларимиз бўйича мен ёки менинг ҳаракатимда жиноят аломатлари йўқ. Тинглайман, десангиз, сўзлаб беришим мумкин.
- Бажонидил эшитаман, Сафар ака.
- Айрим сабабларга кўра 1992 йилда оилам билан ажрашишга тўғри келди. Уйни, 17 йил биргаликда кечирилган ҳаётда нимаики жамғарган бўлсам, ҳамма-ҳаммасини оиламга ташлаб, фақатгина устимдаги кийим-бош билан чиқиб кетганман.
- Юқори вазифадаги полковник, кўча-кўйда ёки ҳар кимникида ётиб юрса бўлмас, - деб, раҳбарларимиз икки хонали уй беришди. Бу уй хароба ҳолига келиб қолган, наридан бери эди.
Бир куни Хоразмдан уйимга отам келиб қолдилар. Турган уйимни, яшашимни кўриб: - Шунча йилдан буён ишлайсан, юқори лавозимдасан, полковниксан, ўзингга яраша ошна-оғайниларинг бор, бу турмушинг ўзбекчиликка тўғри келмайди. Ёрдам керак бўлса, мен борман, - деб роса койидилар.
Отамнинг сўзларидан таъсирланиб, Тошкент шаҳрида сотиладиган уйлар рўйхатидан бирини танлаб, уйни бориб кўрдим. Келгусида шу ердан уй қуриш мумкинлигига ишонч ҳосил қилганимдан сўнг, келишилган нархда харид қилдим.
Дастлаб уй қурилиши учун отам тўрт юз минг сўм берди. Буни эшитган қайнотам икки юз эллик минг сўм ёрдам қилди. Ака-ука, опаларимнинг ўндан ортиқ фарзандлари келиб, уй қурилишида ишлашди. Оға-иниларинг ёрдамлашди, деб, отам яна тўрт юз минг сўм олиб келиб берди.
Уй қурилишига жалб қилинган қурувчилар, ташкилотлар ўртамизда тузилган шартнома асосида бажарилган ҳар бир ишга пул тўланган ҳолда ишлатилган.
Отам, қайнотам, оға-иниларим менга ёрдам қилиб, уй қурилишига пул берганлари пора олиш ҳисобланмаса керак? Нима дедингиз, шоир?
- Ҳисобланмайди. - қатъий жавоб қайтардим Сафар акага.
- Мен ҳам шундай, деб ўйлайман. Отам уй қурилишига бунчалик жон куйдириши, бор-йўқ маблағларини менга беришининг боиси бор эди. Негаки, яшаб турган жойларидаги ер ўз хусусиятини йўқота бошлаган, Оролга яқин бўлганлиги учун атрофни туз қоплаётганлигидан тез-тез касалга чалинадиган бўлиб қолгандилар. У ерда даволанишнинг имкони йўқлиги сабаб яшаш учун Тошкентга кўчиб келиб, даволаниб туришни мақсад қилгандилар.
- Мантиқан олганда ҳам бир тизимда йигирма етти йил фақат юқори вазифаларда ишлаб келган, битта уй қурилишига маблағи бўлмаган кишини порахўрликда айблаш мумкин эмас-ку, Сафар ака.
- Ҳанузгача мен ҳам таажжубдаман. Аммо, не-не орзу-умидлар билан уй қурасан-у, хизмат вазифасидан фойдаланиб олинган пора эвазига қурилган, деб айб қўйишлари асло ақл бовар қилмайдиган бедодликдан бошқа ҳеч гап эмас, - деди Сафар ака.
- Сафар ака, ҳаётингизда ўта масъулиятли, саргузаштга бой даврлар ҳам бўлган-ку! Масалан, Республикамиз Президенти хавфсизлигини таъминлаш хизмати бошлиғи бўлиб ишлаган даврларингизни олайлик.
- Ҳа-я, - дея ўзини тетик тутиб, сўзини бошлади Сафар ака. - 1991 йилнинг 23 сентябр куни тушдан сўнг соат 13-14 ларда Республика хавфсизлик хизмати давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари қўнғироқ қилиб, 24 сентябр куни эрталаб соат 10 да Республика Президенти давлат маслаҳатчиси Т. Алимов ҳузурида бўлишим кераклигини билдирди. У кишидан қандай масалалар бўйича савол-жавобга тайёргарлик кўришим кераклигини сўраганимда: Ҳар қандай савол-жавоб бўлиши мумкин, деб жавоб қайтардилар. Ўша куни қатновдаги охирги самолёт билан Фарғонадан Тошкентга учиб келдим.
Эртаси куни соат 8:00 да Республика миллий хавфсизлик хизмати давлат қўмитаси раиси Ғ. Алиев қабулига кирдим. Салом-аликдан сўнг вилоятдаги айрим муаммолар хусусида суҳбатлашдик. Нима учун чақиртирилганимни билмоқчи эдим, ўша ерга борганингдан кейин биласан, деди раисимиз.
Соат 9:40 да Республика Президенти девонига бордим. қабулхонада тургандим, котиба келди. Ўзимни таништирдим. Давлат маслаҳатчиси Алимов Т.А. менга учрашув белгилаганлигини айтиб, хонасига бошлаб кирди. Т. Алимов ўз хонасида давлат ишлари билан банд экан. Киришим билан мен томонга кўз қирини ташлаб: Келинг, келинг, деб қарши олдилар. Саломлашиб, суҳбатлашдик. Давлат маслаҳатчисининг саволларига жавоб бераяпману, юрагим нотинч урар, нима учун чақиртиришди экан, деган ўй тинчлик бермасди.
Шунда Т. Алимов билан биринчи маротаба учрашганимизни эсладим. 1990 йил Фарғона вилояти миллий хавфсизлик хизмати бошқарма бошлиғининг биринчи муовини бўлиб ишлаган вақтимда Қўқон шаҳар ички ишлар бўлими милиция ходимлари оммавий норозилик билдиришиб, вазирликлари буйруғини бажаришдан бўйин товлаган эдилар. Ҳокимият вакиллари ҳисобланган милиция ходимларининг бу даражадаги норозилик чиқишлари мисли кўрилмаган салбий оқибатларга олиб келиши турган гап эди.
Давлат раҳбарларидан комиссия тузилиб, унга раҳбар бўлиб Т. Алимов Фарғонага келганди. Комиссия таркибида мен ҳам бор эдим.
Қўл остимдаги тезкор ходимлар билан ўз ваколатимиз доирасида бажаришимиз лозим бўлган ишларни қилиб қўйгандик. Т. Алимов билан бир ҳафта давомида бевосита мулоқотда бўлиб, норозилик келиб чиқиши сабаблари юзасидан фикрлашиб, унинг олдини олиш тадбирлари тўғрисида ҳам маслаҳатлашгандик.
Комиссия якунига бағишланиб Қўқон шаҳридаги катта бинода вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб, якуний хулоса баённомаси воқеъликдан йироқлаштирилиб, ҳеч гап бўлмагандай сип-силлиқ ёзилган экан. Мен бу хулосага қўшилмадим. Т. Алимовнинг талабига кўра ўзим тайёрлаган 12 варақдан иборат ахборотномани тақдим этиб, бу салбий кўринишнинг келиб чиқиши, олиб келиши мумкин бўлган оғир оқибатларини юридик жиҳатдан таҳлил қилиб, қатъий чоралар кўриш кераклигини билдирдим.
Давлат комиссияси раҳбари сифатида Т. Алимов хулосанинг юзаки тузилганлигини таъкидлаб, мен билдирган фикрларни маъқуллаган эди. Шунда Т. Алимов қатъиятли, оқил, одилона, ҳар қандай вазиятни тўғри баҳолайдиган давлат арбоби сифатида иш юритганди.
Суҳбатимиз ниҳоясида у кишидан қандай масала бўйича чақиртирганликларини сўрадим.
Ёқимли боқиш билан жилмайиб: Сабр қилсангиз, ҳаммасидан воқиф бўласиз. Сизни Республикамиз Президенти ҳузурига олиб кираман. Бирор таклиф бўлса, йўқ деманг ука, деб огоҳлантирди.
Юрагимни ҳис-ҳаяжон чулғади. Республикани мустақил деб эълон қилган биринчи Президент, буюк бир киши билан юзма-юз бўлиш мен учун шарафли эди.
Ислом Абдуғаниевич Каримов бизларни ўз хоналарида қабул қилдилар. Т. Алимов мени таништириб, Ислом акадан ижозат сўраб, хонадан чиқиб кетди.
Ислом ака билан турли мавзуларда анчагача суҳбатлашдик. Ниҳоят Ислом ака: Президент хавфсизлигини таъминлаш хизмати бошлиғи этиб тайинландингиз. Лавозим билан табриклайман. Ҳозирданоқ ишга тушишингиз мумкин, дедилар.
Тўлқинланиб кетдим. Мен учун бу кутилмаган таклиф эди. Ўзимни босиб олиб, Ислом акага, мустақил Республикага, эл-халққа, сиздек буюк, олийжаноб Президентга хизмат қилишга доим тайёрман, деб жавоб қайтардим.
- Давлат раҳбарининг, қолаверса миллат фахри ҳисобланган буюк зотнинг хавфсизлигини таъминлаш хизмати бошлиғи бўлиб ишлаш, зиммангиздаги масъулиятни минг бора оширган бўлса ажаб эмас, Сафар ака.
- Жуда-жуда тўғри фикр билдирдингиз, шоир. Халқ ўзига раҳбар қилиб сайлаган буюк зот хавфсизлигини таъминлаш хизмати бошлиғи бўлиб ишлаганим, халқ олдида юрагимда жавобгарлик ҳиссини туйганимдан. Авваламбор айтишим керакки, бу хизмат бошлиқлигига тайинланганимга Фарғона вилоятида миллий хавфсизлик бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган давримда бажарган ишларим ҳам сабаб бўлган бўлса керак.
1989 йилнинг июн ойи. Вилоятдаги вазият шундай бир ҳолатда эдики, бизнинг хизмат ходимларимиз бўлаётган воқеаларни ўрганиб чиқишиб, содир бўлиши мумкин бўлган ғайриқонуний ҳаракатлар тўғрисида тегишли тизимларни хабардор қилди. Бу ҳақда ҳатто марказга бутун тафсилотлари билан ёзма маълумотномалар юборилганига қарамай, "Тўйдан олдин ноғора қоқманглар" қабилидаги жавоб олингач, ваколатимиз доирасида чора-тадбирлар кўриб қўйдик.
Кўп вақт ўтмасдан, турклар яшайдиган маҳалла кўчаларидан бирида нафақат ўзбекларга, бошқа миллатга мансуб бўлган аҳолига ҳам туркларнинг бир гуруҳ қабиҳ ишларга қўл урган тўдаси безорилик қилиб, турли хўрлаш, зўрлаш каби жиноятларни содир этганликлари тинч аҳоли ўртасида оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Туркларга нисбатан улар яшайдиган жойларга ўт қўйиш, ўлдириш, талон-тарож каби жиноятларнинг содир этилиши оммавий тус олиб кетганлиги эндиликда ҳақиқатга айланганди.
Бу хабар олиниши биланоқ, биринчи ўринда вилоят ҳуқуқий тартибот тизимлари, прокуратура, ички ишлар ҳамда вилоят ҳокимлиги билан боғланиб, содир бўлиши муқаррар фожеанинг олдини олиш чоралари кўрилишини, акс ҳолда давлат миқёсидаги фожеага айланиши мумкинлигини уқтириб, бошқармамиз тезкор гуруҳ вакилларини ўзларига биркитилган ҳудудларда фаол иш олиб боришлари, бўлаётган ҳар бир воқеани видеотасвирга тушириб олинишини таъмин этишларини тезликда амалга оширишларини топширдим.
Ўзим бирма-бир воқеалар содир этилган жойларда бўлиб, ўз кўзим билан кўриб, кўрилажак, белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишга буйруқ бердим. Ўшанда оммавий ғалаён авжига чиқаётган, жиноий ҳатти-ҳаракатлар кетма-кет содир бўлаётганди.
Марғилоннинг Тошлоқ шаҳридаги турклар гавжум яшаётган кўчаларида туркларнинг уйларини ёқиш, ўзларини уриш, тан жароҳати етказиш, зўрлаш, талон-тарож қилиш, отиб ўлдиришгача жиноий ҳатти-ҳаракатлар содир этила бошлаганди.
Июннинг иккинчи, учинчи кунлари Комсомол номи билан аталадиган жойда, тўртинчи, бешинчи кунлари Марғилон шаҳри вокзали ёнидаги кўчаларда, Фарғона атрофидаги турклар яшайдиган кўчаларда, еттинчи куни Қўқонда шу каби жиноятларнинг содир этилиши давом етганди.
Ички қўшинлар вазирлигига қарашли ички қўшинлар бу ерга ташлангандан кейингина оммавий ғалаёнлар бостирилди.
Мен ва ходимларим ўн, ўн беш кун давомида бир соат ҳам мижжа қоқмай, туну кун иш билан машғул бўлганмиз.
Бу оммавий ғалаёнларнинг юзага келишида ўша вақтда расмий фаолият кўрсатаётган Ерк, Бирлик партиялари оммага нотўғри йўналишлар кўрсатиб, миллий низони келтириб чиқармоқчи бўлганликлари сабаб бўлганди. Бу далил-ҳужжатлар асосида ўз тасдиғини топганди.
Оммавий ғалаён, ёнғинлар оқибатида бир юз ўн етти киши ҳаётдан кўз юмган, шулардан иккитаси ўзбек, беш юздан ортиқ техника воситалари ёқиб юборилган, одамлар яшаётган бир минг бир юзга яқин уй ёқиб юборилиб, вайронага айланганди.
Ғалаён бости-бости қилингандан сўнг бизлар олдирган видеотасмалардан фойдаланилиб, бир ҳафта ичида ғалаёнга раҳбарлик қилган кимсалар қўлга олинди.
Бутун Иттифоқ бўйича мутахассислар жалб этилган ҳолда эллик тўртта тергов-тезкор гуруҳлари тузилиб, бир вақтнинг ўзида ҳам тергов, ҳам тезкор ишлар олиб борилиб, ишни тезлик билан ниҳоясига етказиш чораси кўрилганди.
Бу иш юзасидан ғалаёнда иштирок этиб, жиноий ҳатти-ҳаракатлар содир этган бир минг бир юз нафар одам жиноий жавобгарликка тортилди.
Берилган топшириқларга кўра йиғилган барча ҳужжатлар, манбалар, видеотасмалардан фойдаланилиб, бу ғалаён чуқур таҳлил қилинган ҳолда ”Фарғона фожеаси” номли оммабоп филъм яратилди. Бир неча маротаба телевидения орқали намойиш этилди. Бу филъмни кўрган ҳар бир инсон ҳақиқатда содир бўлган ушбу воқеани миллат фожеаси, деб атаса адашмайди.
Ўшандай ғайриинсоний ҳолатда ҳар дақиқада ҳаётимизни хавф остига қўйиб, омма орасида юрганмиз. Бунинг учун алоҳида хизмат кўрсатган ходимларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланганлар.
- "Фарғона фожеаси" филъмини телевизорда кўрганман. Даҳшат, бундан ортиқроқ жаҳолат бўлмаса керак. Оломоннинг тўда-тўда бўлиб, гўёки онгсизларча у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа юришлари, олови кўкка кўтарилиб ёнаётган уйлар, кўча четидаги сув оқадиган ариқчаларнинг баъзи жойларида одамларнинг мурдалари, пачақланган техника воситаларининг ёнаётган ҳолати, бузиб ташланган савдо расталари манзаралари ҳанузгача кўз ўнгимдан кетмаган, Сафар ака.
- Тўғри тасвирладингиз, ана ўша аянчли воқеа мени одамлар орасида оломон билан ишлашим учун ҳаётий мактаб эди. Оломон билан ишлаш тажрибасини ўшанда орттирганман. Эҳтимол, Республика Президентининг фармони билан Президент хавфсизлигини таъминлаш хизмати бошлиғи этиб тайинланишимга шу воқеа ҳам сабаб бўлгандир.
Ўшанда давлатимиз эндигина мустақил, деб эълон қилинган, бу хизматнинг ташкил этилиши билан жаҳоннинг барча илғор мамлакатларида бўлгани каби хизмат жаҳон андозаларига мос ҳолда тузилиши лозим эди. Бу ишларни кечиктирмасдан ўз низом, қўлланмаларимиз асосида ташкил этганмиз.
- Буюк ишонч ва садоқат соҳини бўлган экансиз-да?
Сафар ака саволимга жавоб беришни узоқдан бошлади.
- 1991 йилнинг 7 декабри. Мамлакатимизда Президент сайлови олдидан учрашув тадбирлари ўтказилаётганди. Барча тайёргарликларни кўриб, Президентимизни кузатиб, самолётда Наманган вилоятига учиб бордик. Вилоят раҳбарлари Президентимизни яхши кутиб олишди. Президент вилоятнинг турли жойларига бориб, халқ билан учрашиб, суҳбатлашдилар.
Кечга яқин вилоят марказида президент сайловолди дастури билан танишиш учун вилоят фаолларининг кенгайтирилган йиғилиши бўлди. Йиғилишда Президентимиз нутқ сўзлаб, ўзларининг сайловолди дастурлари билан фаолларни таништирдилар.
Йиғилиш жуда яхши, кўтаринки руҳда, батартиб ўтказилди.
Йиғилиш тугаши билан Президентимизни ўша вақтдаги вилоят халқ демократик партияси котиби Кочмарек самолётгача кузатиб қўйди. Кеч соат 22 ларда Тошкентга етиб келдик. Президентимизни Дўрмон қароргоҳигача кузатиб, йигитлардан шароитни, ҳол-аҳволни сўраб, ҳаммаси жойида эканлигини билиб, сўнгра дам олиш учун уйимга кетдим.
Уйга бориб, озгина бўлса-да тамадди қилиб, ухлаш учун жойимга ётдим. Аммо уйқу келмади. Бутун вужудим толиққан, дам олишга, уйқуга қанчалик муҳтож бўлмасин ухлолмадим. Ўй-хаёлимда бўлган эртанги кун режалари билан ўзимни овутиб, ухлашга ҳаракат қилардим.
Хаёлим уйқуга мойиллик билдириб, кўзим илинган экан ҳамки, телефон жиринглади. Гўшакни кўтардим. Президентимиз Наманганга учишга тайёргарлик кўринглар, деб буйруқ берибдилар. Телефон қилган ходимдан: Тинчликми? - деб сўрагандим, Наманганда вилоят кенгаши ва бошқа тармоқ биноларини "Ислом лашкарлари" номли норасмий кучлар босиб олган эмиш, - деб жавоб қайтарди.
Шундан кейин Дўрмон қароргоҳига телефон қилдим. Йигитларим билан гаплашиб, ҳолат аниқланиб, ойдинлашганидан сўнг, Президентни самолёт олдида кутиб олишимни билдирдим. Тезда тайёргарлигимни кўриб, аэропортга етиб бордим. Самолётни ҳар томонлама текшириб кўриб, учишга шай туришларини буюрдим. Кўп вақт ўтмасдан йигитларим кузатувида Президентимиз аэропортга етиб келдилар.
Президентга тайёргарлик ҳақида ҳисоб бердим. Учишга рухсат бердилар. Самолётимиз Наманган аэропортига бориб қўнди. Самолётдан тушдик. Президентимизнинг бир кунда иккинчи бор Наманганга боришлари эди. Аэропортда бизларни вилоят кенгаши раиси кутиб олди. Машиналарга миниб, вилоят марказига йўл олдик ва "Ислом лашкарлари" номли норасмий кучлар эгаллаб олган вилоят кенгаши биносига қарама-қарши томондаги маъмурий биноларнинг бирини олдига бориб тўхтадик. Ўша вақтда соат тонг отар 4 лар чамаси эди.
"Ислом лашкарлари" норасмий уюшмаси раҳбарлари бўлган Жума Номонгоний, Тоҳир Йўлдош вилоят кенгаши биноси олдидаги майдонга тахминан ўн беш минг одамни йиғиб, оломон қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, ваъдалар берардилар.
Ислом ака вилоят кенгаши раисига қараб: - Қандай чора-тадбир кўришни маслаҳат берасиз, - деб сўрадилар.
Вазият оғир, ўта хавфли, кескин, қатъиятли чора-тадбир кўрилмаса бўлмаслиги сезилиб турарди.
Раис Ислом акага: - Вилоят фаолларини йиғамиз, бу уюшма раҳбарларидан ўнтасини таклиф қилиб, ўзаро келишиб олиш учун музокара ўтказамиз, - деб фикр билдирди.
Шу вақт Ислом ака менга қарадилар. Ислом аканинг нима демоқчи эканликларини англаб, вилоят кенгаши раисига: - Сиз айтаётган ўша ўн кишини бу ерга ким бошлаб келади, - деб савол бердим.
Раис бирор сўз айтолмади. Майдон одамлар билан лиқ тўлган. Тахминий ҳисобимизга кўра ўн беш мингдан ортиқ киши тўпланган ва айни вақтда вилоятнинг бошқарув тизимлари бўлган бир неча бинолари босиб олинган эди. Жаҳолатга тўлиб-тошган одамлар орасига кириб бориш, якка-ёлғиз Оллоҳнинг марҳамати ила жон сақлаш мумкин бўлса бўлар, бошқа ҳеч қандай куч омонликка кафолат беролмасди.
Ислом ака вилоят кенгаши раисига бир оғиз ҳам сўз демасдан яна менга қарадилар.
Ислом акадаги ўша вақтдаги салоҳиятга, ҳар қандай кучни бир ҳамла билан оладиган ўта важоҳатли, шер юрак, жасур, эл-юрт осойишталиги, тинчлигини таъминлаш учун ҳар қандай ишни бажаришга тайёр эканлиги оташ нигоҳидан барқ уриб турарди.
Йигитларимга қарадим. Улар ҳар қандай вазиятда ҳам тайёр эканликларига ишонч ҳосил қилдим. Ҳар бирларига алоҳида-алоҳида топшириқ бериб, бажарадиган вазифаларини тушунтириб бўлгач, Ислом акага қарадим.
- Кетдик, - деб буйруқ бердилар.
Олдиндан бўлиши мумкин бўлган тажовузни бартараф этиш учун ўзим олдинда, Ислом ака йигитларим кузатувида вилоят кенгаши биноси олдидаги оломон йиғилган майдон томонга шахдам қадамлар билан йўл олдик.
Жума Номонгоний, Тоҳир Йўлдошларни оломонга ёлғон-алдовларни сўзлаб, ваъдалар бераётганлари қулоғимизга чалиниб турарди.
Майдондаги оломонга яқинлашиб бораверишда бир киши бизларни кузатиб турган экан. Унга: - Йўл кўрсат, - дедим шаҳд билан буйруқ оҳангида.
У олдимизга тушиб, бизларга йўл кўрсатиб, оломон томонга бошлади. Ҳар қандай вазиятда, ҳар қандай ҳолатда республикамиз раҳбарига тўсатдан бўлиши мумкин бўлган тажовузнинг олдини олишга тайёр ҳолда оломон тўдасини ёриб, минбар вазифасини ўтаётган, Тоҳир Йўлдош, Жума Номонгоний ўз яқин кишилари билан туриб, микрофондан оломонга сўзлаётган жойга етиб, тўхтадик.
Эл-юрт осойишталиги, республикамиз раҳбари ҳаёти бебаҳо эканлиги менга шундай бир ғайритабиий куч бағишлаган эди-ки, буни сўз билан таърифлаш асло мумкин эмас.
Тоҳир Йўлдош микрофондан оломонга сўзлаётган пайтда ўша ерга етиб боришимиз билан унинг қулоғи остига шивирлаб: - Яшашдан умидинг бўлса, яшашни истасанг, Президентимизга сўз бериб, қўлларига микрофонни узатгин, - дедим.
У мени аввалдан таниганиданми, важоҳатимдан ҳайиққаниданми, сўзини тугатиб, оломонга: - Давлатимиз раҳбари шу ердалар, сўзни у кишига бераман, - деб Ислом акага микрофонни узатди.
Ислом ака микрофонни қўлларига олиб, даставвал майдонга йиғилган оломон билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрадилар. Давлат раҳбари бўлганларидан буён қилган ишларини баён этиш билан бирга мустақил Ўзбекистон Республикаси, унинг халқи учун келгусида қилинажак ишлар ҳақида икки соатга яқин нутқ сўзладилар.
Ислом аканинг сўзларини майдонда йиғилган оломон пашша учса сезиладиган даражада жимлик билан берилиб тинглади.
Ислом ака нутқ сўзлашни бошлаганларида Жума Номонгоний ён томонимда, нарироқда Тоҳир Йўлдош турганди. Йигитларим ҳар қандай вазиятга шай эдилар.
Ёнимда турган Жумага: - Нима қилиб қўйдиларинг, укам, - дедим важоҳат билан. Жума ҳам, Тоҳир ҳам бир оғиз сўз айтолмасдан жим тураверишди.
Ислом ака нутқини тугатиш арафасида иккаласига:
- Бу оломонга сизлар раҳбарлик қилиб, майдонга тўплагансизлар. Вилоятнинг бир неча бошқарув тизимлари бинолари одамларинг қўлида. Бу ерда тураверган билан ҳеч қандай муаммо ҳал бўлмайди. Ўзларинг билан ўнта вакил олиб, шу ердаги бирор жойга кириб, ўтириб, бафуржа сўлашиб, Ислом ака билан ўзаро келишиб олсаларинг яхши бўларди, - деб таклиф қилдим. Аввалига рози бўлишмади.
- Бу оломонни майдонга сизлар йиққанмисизлар? - қайта сўрадим.
- Ҳа, - деб жавоб қайтаришди иккаласи ҳам.
- Шундай экан, оломонда сизларга нисбатан нотўғри фикр уйғонмаслиги учун фаол вакилларингдан ўнтасини олиб, қолганларини уй-уйларига тарқалишларини илтимос қилиб, давлатимиз раҳбарига ўз талабларингни очиқ-ойдин баён этиб, ўзаро келишиб олсаларингиз яхши эмасми? - дедим уларга.
Улар таклифимга рози бўлишди. Тоҳир, Жума иккаласи ўз одамлари билан маслаҳатлашиб, ўнта фаолни ажратишди.
Ислом ака оломонга айтаётган сўзларини тугатгач, Тоҳир Йўлдош, Жума Номонгоний, ўнта фаол вакиллари, Президентимиз бизнинг кузатувимизда вилоят кенгаши биноси орқа томонига ўтиб, бир хонани очиб, ичкарига киришиб, жойлашиб ўтирдилар.
Давлатимиз раҳбари билан улар ўртасида музокара аталмиш суҳбат бошланди.
Улар катта ишни дўндиргандай давлатимиз раҳбарига ўз талабларини баён эта бошлашди.
Ислом ака ҳар бир қўйилган талабга аниқ, лўнда жавоб қайтарардилар.
- Мамлакатда Ислом қонунларини жорий этасиз? - деб қўйган талаблари ҳаммасидан ошиб тушди.
Бу талабга Ислом ака: - Мен халқнинг вакилиман. Давлатимизнинг Конституция ва қонунлари бор. Йигирма биринчи аср бўсағасида, миллатимиз ҳур-озод бўлган бир паллада шахсан мен олтинчи асрга қайтмоқчи эмасман, қандай талаб қўйманглар, давлат қонунларига зид бирорта ҳам ишга қўл урмайман, - деб, уларнинг ҳатти-ҳаракатларини чуқур таҳлил қилиб, талаблари ғайриқонуний эканлигини тушунтириб, бирорта ҳам масалада уларга ён босмадилар.
Ислом ака уларга халқ осойишталигини бузмасликларини, ҳар қанча уринишмасин ҳаракатлари қонунларга хилоф эканлигини уқтирдилар. Шу билан музокара бўлмиш икки соатлик суҳбатга якун ясалди.
Ўтган куни келганимизда вилоят фаолларининг кенгайтирилган йиғилишида бир маҳалла кенгашининг нуроний раиси сўзга чиқиб, куйиб-пишиб, мустақилликнинг қадрига етиш кераклиги ҳақида сўзлаганди. У ердан чиқар чоғимизда ўша отахон вафот этганини билдиришди. Ислом акага бу ҳақда айтгандим: - У ерга кириб ўтмасак бўлмайди, - дедилар.
Жаноза бўлаётган хонадонга бордик. Ислом ака марҳумнинг қариндош-уруғларига ҳамдардлик билдириб, таъзия изҳор этдилар.
Соат 18 лар чамасида у хонадондан чиқиб, аэропортга келдик. Самолет учишга тайёр экан. Самога кўтарилдик.
Куни кеча ҳеч воқеа бўлмагандай шу ердан бизларни кузатиб қолишган, орадан уч-тўрт соат вақт ўтмасдан вилоятда оммавий ғалаён, ҳокимият, бошқарув бинолари қўлга олинган мазмунидаги расмий маълумотни эшитишнинг ўзи бўладими?
Ислом ака тундан то кечгача бу ишларни бир ёқли қилмагунларича тамадди қилиш-ку нари турсин, бир қултум сув ҳам ичмаганди.
Ислом ака самолётдаги ўриндиққа жойлашиб ўтирганларидан сўнг, гарчи одобсизлик бўлса-да, овқат олиб келишларини буюрдим.
Дастурхон ҳозирланди. Ислом ака тамадди қилишни бошлаб, менга: - Кўрдингми Сафар, сичқоннинг ини минг танга бўлганини. Бутун бир вилоятни топшириб қўясан-у, уларнинг қилган ишини қара. Икки-уч товламачи-фирибгарларга вилоятни топшириб ўтиришибди-я, - деб, куйинган бўлдилар.
- Ҳаммаси жойига тушди-ку, Ислом ака, ортиқча куйинишингизга арзимайди, - деб жавоб қайтардим.
Ислом ака мендан:
- Ичимлигинг борми, - деб сўрадилар.
Конъяк олиб очдим. Бир рюмкага қуйиб узатгандим:
- Ўзингга ҳам қуй, - дедилар.
- Хизматдаман.
- Бунақа хизматдан кейин ичмаслик мумкин эмас. Бу каби ишлар фақат Оллоҳнинг марҳамати, қудрати билангина бажарилади. Ол, ич. - дедилар.
Рюмкаларга қуйилган конъякни ичиб юбордик.
Тамадди қилиниб бўлар чоғида Ислом ака менга ўткир нигоҳлари билан қараб:
- Сафар, бунақа хизмат ҳеч қачон ўз-ўзидан унутилиб кетмайди,- дедилар.
- Менинг ўрнимда бошқа киши бўлганида ҳам миллат фахри, мустақил давлатнинг биринчи Президенти ҳаётини кўз-қорачиғидай асрашни ўзи учун шараф, деб билган бўларди, - деб жавоб бердим.
Самолётимиз Тошкент аэропортига келиб қўнди. Ислом акани Дўрмон қароргоҳига кузатиб қўйдик. Наманганга қўнғироқ қилдим. Ҳамма ёқ тинч, оломон аллақачон уй-уйларига тарқаб кетган экан. Нафасни ростласак ҳам бўлар, деб, дам олиш учун уйга кетдим.
Ҳар бир савоб,
ҳар яхши иш
сассиз бўлмас,
Ҳаёт шулким,
олтин бошоқ
хассиз бўлмас.
Ер юзини
тозалаш-чун
нокаслардан,
Ҳатто тоғу
чўл-биёбон
баргсиз бўлмас.
Шеърни ўқиб, Сафар акага:
- Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги воқеа юзасидан қилган ҳаракатига оддий фуқаро кўзи билан қандай баҳо берган бўлардингиз? - деб савол бердим.
- Битмас-туганмас куч-қувват, қудрат, жасорат эгасигина бу каби афсонага айланажак қаҳрамонликни содир этиши мумкин.
Яхши инсон билан ширин суҳбат қурсанг вақт қандай ўтганини ҳам билмай қоласан.
"Ухлашга тайёрланинг!" буйруғи қулоғимга чалинди. Тартиб-тартибда.
- Суҳбатни эртага давом эттирсак, - деб, Сафар акадан узр сўрадим. Бирга-бирга ташқарига чиқдик. Кутубхонани қулфладим. Сафар акага яхши дам олишларини тилаб, ётоғимга кирдим. Жойимни тўғрилаб, ечиниб, ухлашга ётдим. Уйқум келмади. Сафар ака сўзлаб берган воқеа бутунлай ўй-хаёлимни банд этган, бутун вужудим зирқираб, ўзимни олов ичида қолгандай ҳис эта бошладим.
Айнан дил билан тил монандлиги умримда биринчи маротаба ҳаётий мисолларда ўз аксини топганди. "Дилинг ила тилинг, мақсадинг ила ҳаракатинг бир бўлса, Оллоҳ мададкор бўлгани шулдир" дейилган ашъорни нақадар ҳақиқат эканлигига ишонч ҳосил қилдим.
”Элим деб, юртим деб, ёниб яшаш керак". Президентимизнинг тантаналардаги ҳар бир чиқишларида куйиниб, тўлқинланиб, такрор ва такрор бу сўзларни айтишларининг асл моҳияти нимада эканлигини тушуниб етдим...
Минг афсус ва надоматлар бўлсинким, бу буюклик ила юзма-юз кўришиш шарафига муяссар бўлмаган эканман, деб ўксиниб қўйдим.
”Элим деб, юртим деб, ёниб яшаш керак". Бутун хаёлимда чарх уриб, юракдан туғилаётган мисраларда жилоланган ҳис-туйғуларимни оқ қоғозга туширдим.
Ўзга элнинг тождори,
Ўзбегимга не керак.
Эл деб, юрт деб, ёнгувчи,
Даҳо бўлса шер юрак!
У танитди жаҳонга,
Ўшал соҳибқиронни.
Ҳурлик бериб ҳар жонга,
У даф этган суронни.
Навоийни ардоқлаб,
Истакларин ройламиш.
Пойтахтим қоқ кўксида,
Сиймосини жойламиш.
Зимдан боқсанг, ўтмишдаги
Ўзбегим ҳар пойига.
Бу замондан авваллари,
Ҳеч тушмаган жойига.
Озодликнинг ҳавосидан,
Нафас олсанг берилиб.
Жону жаҳонинг билан,
Қаддингни тут керилиб.
Эл деб, юрт деб, ёнгувчи,
Даҳонг бўлса шер юрак.
Яйраб яшашдан бошқа,
Ўзбегимга не керак!
Эрта тонг. Қиш фасли охирлаб қолган бўлса-да, заҳри бор. Кундаги тартиб-интизом. Нонушта, эрталабки йўқлама. Одатдаги иш куни. Иш жойим бўлмиш кутубхонани очдим. Китоб олганлар топшириб, бошқа китоблардан олиб, қайд эттириб, чиқиб кетишди. Сафар ака кириб келди.
Салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач, суҳбатни давом эттирдик. Ёзган шеъримни ўқиб бердим.
- Истеъдодли йигит эканлигингизга ишонч ҳосил қилдим, - деди Сафар ака кайфияти яхшилигини намойишкорона кўрсатгандай.
- Раҳмат, Сафар ака.
- Бирор киши билан дардлашиб, кўнглингни ёзсанг, юкинг енгиллашади, руҳинг тетиклашади. Бугунги кунда афсонага айланиши мумкин бўлган, бошимиздан кечирган кўплаб воқеалар бўлган. Айтиб берсам, тасаввур ҳам қилолмайсиз.
- Худога шукр. Нимадан қисганлиги якка Оллоҳга аён-ку, аммо фаҳму фаросатдан нолимайман. Тафаккурим англагунича тушунишга ҳаракат қиламан. Сўзларингизни тинглашга мунтазирман.
- 1992 йил бошларида Республика миллий хавфсизлик хизмати давлат қўмитаси раиси Ғ. Алиев мени ҳузурига чақириб олди. Республика бўйича менинг хизматимга тааллуқли маълумотлар битилган ҳужжатларни менга бериб:
- Бўлажак Олий кенгаш сессиясида бир гуруҳ ҳасадгўйлар ўзга бир муҳит яратиб, давлатимиз раҳбарига бўҳтон ёғдириб, ишдан четлатиш масаласини қўйишмоқчи эканлар. Текширув ишларини олиб бориб, олдини олиш чора-тадбирларини кўриш керак, - деб, ўзлари томонидан бажарилаётган ишлар билан таништирди.
Бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга бўлингач, шахсан Ислом аканинг ўзларига маълум қилдим.
- Қандай чора-тадбир кўришингдан қатъий назар, мени эмас, мустақилликнинг тақдирини ўйла, мустақилликни авайлаб-асраш керак, - дедилар.
У вақтларда давлатимиз мустақил, деб эълон қилинган бўлса-да, ҳокимият тепасига чиқмоқчи бўлган, ҳар қандай жирканч ва қабиҳ ниятидан қайтмайдиган кучлар кўп эди.
Ислом акадан бу бўхтоннинг олдини олиш чораларини кўриш учун ваколат ва икки-уч кунга рухсат сўраб, ишга киришдим.
Республика бўйича олинган маълумотларни кўздан кечириб, ҳар бири устида мулоҳаза юритиб, энг қулай йўналишни танлаб олдим.
Самолёт билан Фарғона вилоятига учиб бордим. Миллий хавфсизлик хизмати бошқармасида бўлиб, ўзим билан бирга ишлаган йигитлар билан учрашдим. Вилоятдаги ҳол-аҳвол билан танишдим. Сўнгра менга аввалдан таниш бўлган, Қўқон шаҳрида яшаётган Юсуфбек Ёқубов исм-шарифли кишининг уйига бордим. Мени қучоқ очиб қарши олди.
Узун бўйли, салобатли, жиддий қиёфали, оғир-вазмин хулқ-атворли, ўткир нигоҳли, ёши олтмишга яқинлашиб қолган бу киши кўп йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган, Қўқон ёғ комбинатида директор бўлиб ишлаган вақтида СССР Олий советига депутат қилиб сайланган, вилоятда ва республикада содир бўлаётган анча ишлардан хабардор эди.
У депутатлиги вақтида мен вилоят миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлагандим. Ўша вақтда вилоят раҳбари бўлган, айни вақтда Республика Олий мажлиси раиси вазифасида ишлаётган Йўлдошев сиқувга олиб, тазйиқ ўтказганида унга қўлимдан келган ёрдамни бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб, амалий ишларида кўмаклашгандим.
Ўшанда у киши менга: - Ука, сизнинг олдингизда бир умр қарздорман, то тирик эканман, ҳоҳлаган вақтингизда қандай хизмат бўлишидан қатъий назар, доим тайёрман, - деганди.
У киши билан уйида анча суҳбатлашдик. Яхшигина меҳмон қилди. Ўзи, оиласи, фарзандлари тўғрисида сўзлаб берди. Хусусий тижорат-тадбиркорлик ишлари билан шуғулланаётганлигини, иши ёмон эмаслигини билдирди. Уй-жойидан ёмон яшамаётгани кўриниб турарди.
- Юсуфбек ака, сизга хизмат бор, - дедим суҳбат асносида.
- Сиздек очиқкўнгил инсондан жонимни ҳам аямайман, - деди.
- Бошингиз омон бўлсин. Давлат манфаати йўлида хизмат қилиб келган инсонсиз. Янаям бир хизмат қилсангиз, дегандим.
- Тушундим Сафаржон, тушундим. Сабил такаббурни эски одатлари қўзғаб турса керак-да. Яхшигина вазифада бўлса, эл-халқни хизматини қилиб, миллат равнақига ҳиссасини қўшиб, мустақилликни мустаҳкамлаб юраверса бўлмасмикан?
- Айтмоқчи бўлган сўзларимни тўғри фаҳмладингиз, шунисига ҳам раҳмат.
Юсуфбек бир вақтлар вилоят раҳбари бўлган, ҳозирда Республика Олий кенгаши раиси Йўлдошев ҳақида сўз бораётганини айтмасимданоқ фаҳмлаган эди.
Юсуфбек ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетди. Бир оз вақт ўтгандан сўнг қўлида бир папка қоғозлар билан қайтиб келди ва жойига ўтирди.
- Шу папка тўла ҳужжатлар Йўлдошевга нисбатан тўпланган. У вилоят раҳбари бўлиб ишлаган ҳамда кейинги фаолияти даврида қилган ғайриқонуний ишлари ҳақида.
Юсуфбек менга папкани узатди. Уни қўлимга олиб, ичидаги батартиб жойланган ҳужжатларга кўз югуртирар эканман, Юсуфбек: - Бу ҳужжатларни СССР Олий совети депутати бўлган вақтимда, жабр кўрган кишиларнинг оҳу зорларига қулоқ тутиб, иложи борича мушкулларини енгиллаштираман, деб ҳаракат қилганимда, Йўлдошев менга тўсқинлик қилиб, тазйиқ ўтказганидан кейин тўплаганман. Барчасида қайд этилган далиллар Йўлдошевнинг қонунларга зид амалга оширган ишларидир, - деди изоҳлаб.
Юсуфбекдан бу ҳужжатлар билан танишиб чиқиш учун изн сўрадим. Бунга бир соат вақт кетди. Юсуфбекка юзланиб:
- Тўплаган ҳужжатларингизнинг баҳоси йўқ. Бизларга сув каби зарур манба экан.
Юсуфбек жим тураверди. Аммо кўзларидан мамнунлиги сезилиб турарди.
- Ана шу сиз исми-шарифини тилга олган одам яқинда бўладиган Олий кенгаш сессиясида давлатимиз раҳбари шаънига бўҳтон, фисқу-фасод, фитна уюштириб, вазифасидан четлатиш таклифини Олий кенгашга қўймоқчи эканлиги ҳақида маълумотлар олганмиз. Сизга очиқдан-очиқ илтимосим шуки, мустақил давлатимизнинг мард, жасур, доно раҳбари, қолаверса эл-юрт осойишталиги, тинчлиги, равнақи учун бу фитначининг асл башарасини очиб ташлаб, унинг кимлигини фош этсангиз, оёққа тураётган давлатимиз танасига ёпишган зулукдан қутулган бўларди.
- Менда бундай ваколат йўқ-ку, - деди елкасини қисиб Юсуфбек.
- У ёғини менга қўйиб бераверинг, ҳаммасини келишиб олганман,- дедим.
- Бунинг учун нима қилишим керак, - деб сўради у.
- Олий мажлис сессиясида сўзга чиқиб, бор ҳақиқатни очиқ-ойдин сўзлаб беришингиз кифоя.
- Сизларга нима лозим бўлса, сўзсиз бажараман. Ҳозир вақт алламаҳал бўлди, ётиб дам олсак ёмон бўлмасди, - деди Юсуфбек.
- Уйқу бўлса қочиб кетмас, аввал ишни битириб олайлик, - деб, қоғоз, қалам келтиришини сўрадим. Сўраганларимни олиб келди. Менга тақдим қилган ҳужжатларидан то тонг отгунча нусхалар кўчирдим. Юсуфбек шу ернинг ўзида ёнбошлаб, аллақачон ухлаб қолганди.
Тонг отди. Кўнгил жойида, кайфиятим яхши, чунки берилган топшириқни деярли бажариб бўлгандим.
Юсуфбек билан биргаликда нонушта қилдик. Тўплаган ҳужжатларини қўлига қайтариб бердим. Тошкентга борадиган вақтини келишиб, хайрлашдик. Ўша куннинг ўзидаёқ самолёт билан Тошкентга қайтдим.
Бажарган ишларим юзасидан ёзма ҳисобот тайёрлаб, қўлимдаги барча ҳужжатлар нусхаларини олиб, Республика миллий хавфсизлик хизмати давлат қўмитаси раиси Ғ. Алиевнинг ҳузурига бордим.
Салом-аликдан сўнг ҳисобот ва тўпланган ҳужжатларни раисга топшириб, фитнанинг олдини олиш учун чора-тадбирлар кўришини сўрадим.
Ишхонамга келиб, Ислом аканинг қабулига кирдим. Давлатимиз раҳбарини безовта қилмаслик мақсадида бажарган ишим тафсилотидан воқиф этмаган ҳолда:
- Атроф тинч, ҳамма иш жойида, сизнинг фаолиятингизга ҳеч ким тўсқинлик қилолмайди, барча чора-тадбирлар кўрилган, - дея ҳисобот бердим.
Ислом ака билан ўзаро фикрлашиб, анча суҳбатлашдик. Суҳбатимиз ниҳоясида менга ташаккур билдириб: - Ҳар ким ҳам юксак ишонч ва садоқат соҳиби бўлавермайди, бажараётган ишинг менинг ҳаётимни сақлаб қолиш учун эмас, юрт мустақиллигини асраш учун қилинган иш деб билгин, бошлаган ишингни охирига етказишингга муваффақият тилайман, - деб менга рухсат бердилар.
Иш фаолиятимни давом эттираяпман. Олий кенгаш сессиясига икки-уч кун қолганда Юсуфбек Тошкентга келди. Уни аэропортда ўзим кутиб олдим. Туркистон меҳмонхонасига жойлаштирдим. Унинг кайфияти жойида, тайёргарлиги ёмон эмаслигини кўриб, ишончим комил бўлган ҳолда ҳар эҳтимолга қарши уни кузатиб юриш учун бир ходимимни тайинлаб, иш хонамга қайтдим.
Республика миллий хавфсизлик хизмати давлат қўмитаси раиси Ғ. Алиев билан келишиб олганимизга кўра, Юсуфбек Тошкентга келганидан кейин учрашишимиз лозим эди. Телефон орқали раис билан боғланиб, ҳузурига етиб боришимни билдирдим. У киши мени кутиб турган экан.
Раис билан учрашиб, Юсуфбек Тошкентга келганлигини, кайфияти ёмон эмаслигини, тайёргарлиги жойидалигини билдирдим.
- Сиз бажараётган иш фақатгина бир йўналиш бўйича эмас, бир неча йўналишларда олиб борилмоқда. Агарда олий кенгаш сессиясида давлатимиз раҳбарига очиқдан-очиқ бўҳтон ёғдирилиб, фитна уюштириладиган бўлса, Юсуфбекдан уларни фош этиш, зудлик билан чоралар кўрилишини талаб қилинишида фойдаланамиз, - деди раис менга.
- Тақдим этган ҳужжатларим бўйича бир неча йўналишда иш олиб борилаётгани мен учун сир бўлмаса-да, имконият даражасида тайёргарлик кўриб қўйганман. Кетишга рухсат берсангиз.
- Тез-тез боғланиб туринг, - деб менга ижозат берди.
Олий кенгаш сессияси бошланадиган кун тонг саҳар 5:00 да уйқудан турдим. Ювиниб, кийиниб, Дўрмон қароргоҳига йўл олдим. Бориб, ташқи кузатув таянч нуқталарини текшириб, ҳаммаси жойида эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Қароргоҳ ичкарисига кириб, йигитлардан ҳол-аҳвол сўраб, у ерда ҳам осойишта эканлигидан кўнглим тўқ бўлиб, Ислом аканинг чиқишларини кутдим.
Ислом акани Дўрмон қароргоҳидан иш хонасигача кузатиб, ўзим Олий кенгаш сессияси ўтказилиши билан боғлиқ ташкилий ишлар билан шуғулландим.
Сессия ўтказилиши лозим бўлган бинога бирин-кетин депутатлар келаётганлиги ҳақида хабар қилишди. Йигитларга ҳар беш, ўн дақиқада атрофда нималар бўлаётгани ҳақида хабардор қилиб туришларини тайинладим. Депутатлар орасида Юсуфбек ҳам борлигини, залнинг олдинги қаторидан жой олиб ўтирганини, қўлидаги қоғозларни ўқиб турганлигини билдиришди.
Йигитларимни залга шундай жойлаштириб чиққан эдимки, Йўлдошев ўзи томонидан тайёрлаб, унинг чизган чизиғидан чиқмай нутқ сўзлаши белгиланган депутатларнинг бирортаси ҳам назардан четда эмасди.
Соат 10:00 га яқинлашиб қолди. Зал депутатлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, таклиф этилган чет эллар вакиллари билан тўлди.
Президиумга давлатимиз раҳбари И. Каримов, Олий мажлис раиси Йўлдошев ва бошқа расмий кишилар кўтарилишди.
Олий мажлис раиси Йўлдошев ранги оқариб кетган, кўзлари ола-сарак, қоғоз ушлаб турган қўллари эътибор билан қараган кишига сезиларли даражада қалтирар, бўғиқ овозда сессияни очиқ, деб эълон қилди.
Давлат мадҳияси янгради. Биринчи бўлиб сўз давлатимиз раҳбари И. Каримовга берилди.
И. Каримов очиқ чеҳра билан, баланд овозда, ўткир нигоҳини залда ўтирганларга қадаган ҳолда дона-дона қилиб сўзлашни бошладилар.
Атрофдагиларга зимдан назар солиб, Йўлдошевнинг безовталанаётганлигини сездим. Йигитларга унга алоҳида эътибор беришларини, бир дақиқа ҳам ундан кўз узмасликларини уқтирдим.
Сессия бошланган, Ислом ака нутқ сўзлаяптилар. Ҳозирча ҳаммаси жойида, ҳаммаёқ тинч.
Бир соатлик нутқини тугатиб, Ислом ака ўз ўрниларига бориб ўтирдилар. Энди Йўлдошевнинг ўйини бошланса керак, деб диққатимиз ошди. Аммо ундай бўлмади. Нутқ сўзлаши керак бўлган навбатдаги кишига сўз бермасдан, Йўлдошев бошқа бир кишига сўз берди.
Раис адашди шекилли, у ўзи тўқиган бўҳтон, фитнасини амалга ошириш учун ўзаро келишиб олган депутатлардан бирига сўз бериши керак эди-ку, деб ўйладим. Ўйладиму, ўй-хаёлга берилишнинг мавриди эмаслигини ёдга олиб, йигитларни янада ҳушёр бўлишликка даъват этдим.
Навбатдаги сўзга чиққан киши ҳам нутқини ниҳоясига етказди. Яна бир неча киши сўзга чиқди. Диққатимиз оша бошлади. Шунда сўз депутат Жаҳонгир Маматовга берилди.
Важоҳат билан минбарга чиққан бу нотиқ жаҳолат отига миниб, кун тартибидаги масалалар қолиб, давлатимиз раҳбари фаолиятини таҳлил қилгандай сўз юритиб, номақбул гапларни ўйлаб-ўйламай сўзлайверди. Аммо унинг айтганлари бирорта ҳам депутат томонидан қўллаб-қувватланмади. Жаҳонгир Маматовнинг чиқиши Йўлдошев томонидан давлатимиз раҳбарига қарши уюштирилган фитнанинг бошланиши, унинг томонидаги одамлар учун шартли белги ҳисобланса-да, бу нотиқ сўзларини қўллаб-қувватлайдиган бирорта кимса топилмади.
Тушликка чиқиш учун танаффус эълон қилинди.
Бинодаги мавжуд дам олиш хонасига Ислом акани кузатиб чиқдик. Тушлик вақти бўлса ҳам, Ислом ака сессиянинг давоми бошлангунга қадар депутатларни қабул қилиш билан машғул бўлдилар.
Соат 15:00 да сессия давом этди.
Олий мажлис раиси Йўлдошевнинг рангида ранг қолмаган, ўзини олдириб қўйганлигини сездирмасликка қанча ҳаракат қилмасин, уни қўрқув ҳисси енгиб олганлиги шундоққина билиниб турарди.
У сессиянинг давом этишини залда тўпланганларга эълон қилди. Кун тартибидаги муҳокама қилиниши лозим бўлган масалалар бўйича тайёрланган депутатларга сўз беришни бошлади. Депутатлар бирин-кетин сўзга чиқишиб, фақат кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилишди. Бирор бир депутат томонидан ножўя ҳатти-ҳаракат содир этилгани кузатилмади. Юракдаги туғён ўрнини сокинлик эгаллади.
Сессияда давлатимизнинг бир неча қонунлари ва ҳуқуқий манбалари қабул қилинди. Соат 17:00 да сессия ишида танаффус эълон қилиниб, эртага давом эттирилиши билдирилди.
Ислом акани кузатиб залдан бино ичкарисига ўтдик. Шу ердаги хоналардан бирида вилоят раҳбарлари йиғилишиб туришган экан. Ислом ака улар билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашиб, икки соат давомида ҳар бири билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашиб бўлганларидан сўнг бироз бўлса-да чарчаганликларини сезиб, энди дам олсангиз бўларди, деганимга қарамасдан иш хоналарига кўтарилиб, иш билан машғул бўлдилар.
Соат 21-22 лар чамаси:
- Машиналаринг шу ердами, - деб сўрадилар.
- Шу ерда, Ислом ака, шу ерда, - деб жавоб қайтардим.
Иш хоналаридан чиқавериб, менинг нима демоқчи эканлигимни англаб:
- Сафар укам, ҳаммаси жойида, бундай вазиятда чарчаганинг ҳам билинмайди. Шайтон йўлдан оздирди, деб қутулмоқчи бўлишади, аслида шайтон юракларидаги ҳасад, шайтон васвасаси эса ёвузликларидир, - дедилар.
Ислом ака тонг саҳардан кечқурунгача туз тотмаган бўлсалар-да, ўткир нигоҳи, кайфияти чоғ бўлган вақтдаги хиёл жилмайиб қўйишлари ҳар қандай кишини ўзига жалб этиб, сеҳрлаб қўйиши шубҳасиз эди.
Ислом акани Дўрмон қароргоҳига кузатиб қўйиб, Республика миллий хавфсизлик хизмати давлат қўмитаси раиси Ғ. Алиевга қўнғироқ қилдим.
- Ассалому алайкум, мен Сафарман.
- Wаалайкум ассалом, эшитаман Сафаржон.
- Менга хизмат борми?
- Тақдим этган ҳужжатларингиз ўз самарасини берди. Сиздан миннатдормиз. Келсангиз, бафуржа гаплашармиз, - деди.
Эртаси куни сессия давом этиб, кўтаринки руҳда, кўнгилдагидек якунланди.
Сафар аканинг сўзларини тинглардим-у, вужудимда ўт, ўй-хаёлимда қанот қоқиб турган илҳом чарх урарди.
Ҳа, бирор инсон жасорат кўрсатса ёки икки жўя экин экиб, юқори ҳосил олса, кўкларга кўтариб, мақтовини жойига қўямиз, нишонлар билан тақдирлаймиз. Аммо, йигирма беш миллион халқнинг дардини сингдириб, уларнинг осойишталиги, тинчлигини сақлаб, ҳар сонияда ўз ҳаётини хавф-хатар остига қўйиб, келажак учун жон куйдираётган буюкликка муносиб муносабатда бўла олмаймиз. Нега...
Майли, қора булутлар,
Ой юзин яширсинлар.
Уввос солган бўронлар,
Уммонни тоширсинлар.
Майли, бутун борлиқни,
Солишсинлар ларзага.
Ҳатто, боқий қуёшни,
Сўндиринг бир лаҳзага.
Эй, ёв, тўхта, ҳаддингни,
Бир озгина қўйиб ол.
Ҳурлик сўнди, дегунча,
Кўзларимни ўйиб ол.
Оллоҳ берган даҳолик,
Оддий халқ нақли эмас.
Муқаддас илоҳийлик,
Ўлишга ҳақли эмас.
Гарчи, ҳаёт нисбатдир,
Гуллар, яшнар воҳалар.
Ҳаётликда ардоқланса,
Элин севган даҳолар...
Шу онда ёзган шеъримни Сафар акага ўқиб бердим. Сафар ака шеърни қайта-қайтадан ўқишимни илтимос қилди. Мен эса такрор-такрор ўқидим.
Шу лаҳзада Сафар ака ўзини енгил, тетик ҳис қилди. Вазиятдан фойдаланиб:
- Бир саволим бор, жавоб бераман десангиз, айтаман, - дедим.
- Бемалол, жавоб беришга тайёрман, - деди Сафар ака.
- Бутун жаҳонда бир амалий жараён бор. Қайси бир мамлакатда, қайси бир давлатда қандай йўл билан ўз мустақиллигига эришишларидан қатъий назар бу жараёнга раҳбарлик қилган, халқ томонидан сайланган биринчи Президенти, давлатга асос солган буюк зот, шу миллатнинг доҳийси сифатида эътироф этилади. Дунёқараши кенг, тажрибали, кўпни кўрган, жаҳонгашта бир инсон қаторида бу саволимга қандай фикр билдирасиз?
- Асрлар давомида мустақил давлат бўлиш ўзбекларнинг орзу-армони, ҳасрати бўлиб келган. Ўзбекнинг не-не фарзандлари юртини озод, мустақил сифатида кўриш учун ўз жонларини қурбон қилганлар.
Айнан бизнинг замонамизга келиб мустақилликка эришишимиз қандай тарихий жараёнда юзага келган бўлмасин, давлатни мустақил, деб эълон қилган, давлатнинг миллат ривожи-равнақини ҳозирги тараққиёт даражасига етказган буюклик, миллат ғурури, фахри, келажагининг тимсолий рамзида ўзбек мустақиллиги, давлатининг доҳийси сифатида мангуга қолиши муқаррар, бунга шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Бу дунёга келган ҳар зот
ўзни майдон солғусидир,
Оллоҳ ўзи берганини
фақат ўзи олғусидир.
Ўлкани ҳур толе этиб
пешонага битдими у,
Ҳаёт ичра ҳаёт бўлиб
даҳо мангу қолғусидир.
Мустақиллик, озодлик, ҳурлик нима эканлигини бир бора юракдан ҳис этган одам, қайтиб ўзини тутқунлик тўрига ҳеч қачон урмайди. Мен сизга бутун жаҳон ўзбекникидай бўлган ҳис-туйғуга эга бўлганлигимни сўзлаб бермоқчиман. Шунда озодлик нима, десалар, иккиланмай жавоб берадиган бўласиз.
1991 йил Ўзбекистон мустақил Республика деб эълон қилинди. Ўшанда Республикамиз мустақиллигини бирор давлат тан олмаганди. Одамларимиз на у ёқли, на бу ёқли саросимада бўлган бир вақтда жаҳонда мустақил Республикамизни биринчи бўлиб Туркия давлати тан олди. Туркия давлати раҳбарининг таклифига кўра давлатимиз раҳбари биринчи бор расмий ташриф билан Туркияга боришлари керак эди. Бунинг учун эса тайёргарлик кўриш лозим. Шу йилнинг октябр ойида тегишли мутахассислар билан биргаликда Боку шаҳри орқали Туркиянинг Анқара шаҳрига бордик. Бизларни аэропортда Туркия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакиллари кутиб олишди. Мен билан бирга борган турли соҳа вакиллари ўз тармоқлари бўйича масалаларни тайёрлашга киришиб кетишди. Мени эса хизмат ваколатим доирасидаги ишларни бажаришим учун Туркия Президенти хавфсизлигини таъминлаш хизмати бошлиғи, полковник Сарвар исмли киши билан учраштиришди.
Дастурга кўра давлатимиз раҳбари Туркиянинг Анқара, Истанбул, Измер шаҳарларида бўлиши кўзда тутилганди. Борилиши лозим бўлган шаҳарларнинг белгиланган жойларини бирма-бир кўздан кечириб чиқиш шарт эди. Шунинг учун Сарвар билан биргаликда керакли ишларни амалга оширдим.
Расмий, юқори даражадаги Ўзбекистон-Туркия давлатлари раҳбарларининг бўлажак учрашуви тайинланган кунга уч кун қолганида Тошкентга қайтиб келдим. Ташрифга боғлиқ кўрилган чора-тадбирлар ҳақида Ислом акага ҳисоб бердим.
Учрашув белгиланган кун ҳам етиб келди. Президентимиз раҳбарлигидаги делегация давлатимиз байроғи рамзи туширилган “Ҳаво йўллари” компанияси самолётида Туркияга учдик.
Биринчи юқори даражали чет эл расмий учрашуви. Барчанинг юрагида ҳис-ҳаяжон.
Самолётимиз Туркиянинг Анқара шаҳридаги аэропортга бориб қўнди. Самолёт давлат раҳбарини кутиб олиш учун белгиланган махсус йўлкага ўнгланди. Тушиш мосламаси самолётга биркитилди.
Мустақил Ўзбекистон давлатининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов самолётнинг алвон, гулдор, ҳошияли поёндоз тўшалган йўлакчасидан қадам ба қадам тушиб кела бошладилар.
И. Каримовни Туркия давлатининг бош вазири Сулаймон Демирел қучоқ очиб кутиб олди. Гулчамбарлар тақдим этилди.
Бир томонда саф тортиб турган фахрий аскарлар бошлиғи шаҳдам қадамлар билан уларга пешвоз чиқиб, ҳисоб берди.
Давлат раҳбарлари майдон ўртасида ҳозирланган шоҳсупа томон йўл олишди.
Ён томонда икки давлат байроғи шаббодада ҳилпираб турарди.
Президентимиз И.Каримов ва Сулаймон Демирел шоҳсупага чиқишди.
Мустақил деб эълон қилинган давлатимиз биринчи Президентининг мустақиллигимизни биринчи бўлиб тан олган давлатга ташрифи, у ердаги бу қадар юксак улуғлаш, ҳурмат-эҳтиром, тантана жозибаси ҳар қандай инсон юрагини тўлқинлантириб, ҳис-ҳаяжонга тўлдириб юборган эди.
Мустақил Ўзбекистон республикаси давлатининг гимни, мадҳияси, чет элда биринчи бор расмий, тан олинган ҳолда янгради. Метин ирода соҳиблари бўлганларнинг ҳам кўзларидан беихтиёр ёш қалқиди. Бу кўз ёшлари асрлар давомида ўзбекларнинг орзу-умиди, армон-ҳасратларига айланган озодлик, ҳурликнинг севинч ёшлари эди...
Нечун бўлсин
Колумбларда
аламларим,
Минг-минг йилдан
сўйлаб турса
қаламларим.
Ҳур, озодмен,
не кераги
ўзга бахтни,
Ўзимники
бўлса минг бир
оламларим.
Сафар аканинг юракни ларзага солган сўзларига ушбу шеър билан жавоб қайтардим.
- Яхши, жуда соз, шеърингизни таърифлашга тилим лол. Сизга отилган ҳасад тоши билан ҳасадгўйларнинг бошини ёриш керак, - деб, сўзлашда давом эди.
Юқори даражадаги расмий учрашувни кўнгилдагидек якунлаб, она юрт бўлмиш жонажон Ўзбекистонимизга қайтиб келаётган чоғимизда, Ислом ака ташриф муваффақиятли ўтганлиги учун барчага ўз миннатдорчилигини билдириб, бағоят кўтаринки руҳда, кайфияти чоғ: “Энди бирлашган миллатлар ташкилотига аъзо бўлишимизга йўл очилди”, - деганларида, улуғвор - буюклик қаршисида турганлигимни, у киши томонидан забт этилмайдиган оламнинг ўзи бўлиши мумкин эмаслигини англаб етгандим.
Ислом Карим деса
бутун олам лол,
Эзгулик улашар
қошига чорлаб.
Озодлик даҳоси
асрий баркамол,
Минг йиллаб яшагай
қуёшдек порлаб...
- Сўзларингизнинг исботи учун ушбу мисраларни битдим, Сафар ака. Сизга яна бир савол. Саргузаштга бой ҳаёт ҳақиқатга айланиши, ҳақиқат эса бир миллатни кўкка кўтариб, тарихини яратишига, тарихи эса келажагига асос бўлишига қандай баҳо берасиз?
- Бунга жавоб тариқасида бир воқеани сўзлаб бермоқчиман.
1991 йилнинг охирларида расмий тарзда республикамизда фаолият кўрсатаётган Эрк, Бирлик партиялари ҳокимият тепасига чиқиш мақсадида Тошкент шаҳрининг талабалар шаҳарчасида намойишона чиқишларни уюштириб, талаба ёшлар кўнглига ғулғула солиб, мавжуд давлат бошқарувидан норозилик чиқишларига сабабчи бўлишганди.
Бу ҳодиса давлат аҳамиятига молик даражага бориб етди. Ҳодисанинг келиб чиқиши сабаблари ўрганиб чиқилгач, 1992 йил январида давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги энг кекса олий даргоҳ бўлган Тошкент Давлат Университети олимлари, педагоглари ва талабалари билан учрашув ўтказишни ўзларига лозим деб топдилар. Бунинг учун тайёргарлик кўриш лозим эди.
Учрашув бўлишидан бир кун олдин Университетга бориб, мутасадди кишилар билан учрашиб, суҳбат ўтказиб, Университет санъат саройини қабул қилиб олдим. Йигитларим билан биргаликда хавфсизлик чораларини кўриб, санъат саройини керакли даражада тартибга келтирдик.
Эртаси куни соат 11:00 да Университет санъат саройида олимлар, ўқитувчилар, талабалар, Тошкент шаҳри ҳокими, таклиф этилган вазирлар йиғилишган ҳолда Ислом Абдуғаниевич Каримов билан учрашув бошланди.
Йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими очиқ, деб эълон қилиб, сўзни давлатимиз раҳбари Ислом Каримовга берди.
Ислом ака Ўзбекистон Республикасининг тарихий босқичларидан то ҳозирги кунгача бўлган даври ҳақида ҳар томонлама тушунарли, ёрқин нутқ сўзладилар.
Бир ватқнинг ўзида ўтмишдаги ёшлар билан ҳозирги кун ёшлари ўртасидаги фарқни чуқур таҳлил қилиб, ҳеч бир замонда ўзбек миллатининг ёш авлодига бунчалик шарт-шароит бўлмаганлиги, ғамхўрлик қилинмаганини, турли экстремистик оқимлар таъсирига берилиб кетмасдан ўзларининг аъло ўқишлари, намунали ҳулқлари билан етук мутахассислар бўлиб чиқишга ҳаракат қилишлари, келгусида давлат, миллат мустақиллигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссаларини қўшишлари лозимлигини таъкидладилар.
Санъат саройи залида йиғилганларнинг бутун диққат-эътибори Ислом аканинг нутқига қаратилган эди.
Давлатимиз раҳбари нутқини тугатгач, университет олим, педагоглари, талабаларига сўз берилди. Йигирмага яқин киши сўзга чиқди. Сўнгра савол-жавобларга ўтилди. Ўзаро фикр алмашинувида қизғин мунозаралар бўлди. Талабаларга оид муаммолар ўз ечимини топадиган бўлди.
Талабалар ёш, ёшлар эса ҳар қандай нотўғри мулоҳазани ҳам қабул қилиши, бу эса уларни тўғри йўлдан адаштириши мумкинлигини тушуниб етдилар.
Уч соат давом этган бу учрашувда бирор-бир киши томонидан ножўя ҳатти-ҳаракат содир этилмади. Бироқ, учрашув тугаши арафасида менга санъат саройининг чиқишидаги эшиги олдида мингга яқин Эрк, Бирлик партияси тарафдорлари йиғилганликлари ҳақида билдиришди. Бу Президент хавфсизлигини таъминлаш хизмати бошлиғи сифатида мендан тезда чоралар кўришимни талаб этарди. Санъат саройидан чиқиб, ташқаридаги ҳол-аҳвол билан ўзим танишишим мантиқсизлик бўлар эди. Чунки давлатимиз раҳбари билан бўлаётган учрашув ниҳоясига етмаганди. Табиийки, бу ерни ташлаб чиқиб кетолмасдим.
Ёрдамчиларимдан бирига ташқаридаги аҳволни билиб, ўрганиб чиқиб, тафсилот беришини буюрдим. У буйруғимга кўра санъат саройидан ташқарига чиқиб кетди. Орадан ўн, ўн беш дақиқа вақт ўтганидан кейин, у қайтиб келиб, ташқарида вазият яхши эмаслигини билдирди. Айни вақтда учрашувга ҳам якун ясалган эди.
Ташқаридаги вазиятдан хабар олган шаҳар ҳокими ва бошқа раҳбарлар санъат саройининг орқа томонидаги эшикдан чиқиб кетишимизни таклиф этишди.
Давлатимиз раҳбари томонидан ҳозиргина ёшлар олдида сўзланган нутқ амалий иш билан бир бўлиши лозим эди. Санъат саройининг орқа томонидаги эшигидан чиқиб кетишимиз тўғри келмасди. Шу боис ташқарига чиқиб, у ердаги вазиятни кўздан кечиришимга тўғри келди. Шарт-шароитни ўрганиб, барча йигитларимни йиғиб, ҳар бирига алоҳида-алоҳида топшириқлар бердим. Шу заҳотиёқ Ислом аканинг ёнларига қайтдим.
- Тинчликми, - деб сўради Ислом ака мендан.
- Тинчлик, тинчлик Ислом ака. Кетамизми, - деб сўрадим. Розилик билдирдилар.
Ўзим олдинда, Ислом ака йигитларим кузатувида санъат саройининг бутун зали бўйлаб ҳаракатланиб, олдинги эшикдан ташқарига чиқдик. Ҳар қандай тажовуз бўлишидан қатъий назар бартараф этишга шай бўлган важоҳат билан бораяпмиз. Ташқарида йиғилган оломондан икки юз, уч юз метр нарида зинапоялар тугаган жойгача яёв бориб, машиналарга минишимиз керак.
Эшикдан чиқишимиз билан йиғилганларнинг кўзларига қараб, тажовуз бўлса, ҳар қандай ҳолатда ҳам олдини олишимиз мумкинлигини намойиш этгандай виқор билан буйруқ оҳангида, "Йўлни бўшатинглар!" дейишим билан, икки ён томонимдаги йигитларим оломонни ёриб кириб, бизларга йўл очиб кета бошладилар...
Машиналар турган охирги зинапоялардан ҳам тушдик. Ислом ака машинага миндилар. Машиналар жойидан қўзғалди. Девонга йўл олаяпмиз. Шу ерда Ислом ака менга қараб:
- Сафар, бугун ёш авлод олдида синовдан ўтдик. Бу келажак олдида топширилган имтиҳондир, - дегандилар.
Сиз менга берган саволга узукка кўз қўйгандай жавобим шу, - деди Сафар ака сўзини якунлаб.
Ҳунарни асрабон
неткумдир охир,
Олиб тупроққами
кетгумдир охир.
Алишер Навоий ҳазратларининг ушбу башоратомуз мисралари юрагимда жўш ураётган туйғуларга далда бергандай, туғилаётган мисраларни оққа кўчирдим-да, Сафар акага ўқиб бердим.
Темур туғин ўйнатган,
Жаҳон узра бўйлатган,
Эрк куйини куйлатган,
Ўзбегим ўз элида
Тоабадга хон бўлсин.
Озодлик, эркни берган
Даҳомизга шон бўлсин!
Қаддингни тут юргали,
Миллат-чун жон бергали,
Ҳурлик гаштин сургали,
Ўзбегим ўз елида,
Тоабадга хон бўлсин.
Дили мунаввар олам
Даҳомизга шон бўлсин!
Жипслик бирлик эрур,
Келажак нурлик эрур,
Мангуга ҳурлик эрур,
Ўзбегим ўз элида
Тоабадга хон бўлсин.
Баркамол, умрбоқий
Доҳиймизга шон бўлсин!
Шеърни тинглаб, у киши бир оз жим бўлиб турди.
- Оқ кўнгиллилик, беғубор қалблилик, айнан шу шароитда ватан, келажакка бўлган бу қадар ишонч, Оллоҳ берган истеъдод эгаси бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бу шеърингизни ёшлар учун мустақиллик мадҳияси, дейилса, айни муддао бўлур эди. Тақдир ато қилса, Оллоҳ бизларни кўришишдан бенасиб этмас...
Сафар ака кайфияти чоғ, жилмайган ҳолда ушбу сўзларни айтди-ю, кутубхонадан чиқиб кетди.
Қўлимга шоҳ Фарруҳ ҳақидаги эртаклар китобини олдим. Энди бу китобни ўқигим келмасди.
Анчагача ўзимга келолмадим. Ўй-хаёлларим самовий парвоз қилар, ўзим мутоала қилган, инсоният пайдо бўлганидан ҳозирги даврга қадар бўлган тарихий воқеалар тавсифи битилган китоблар оламига шўнғидим. Ўзимча мулоҳаза ҳам юритдим. Йўқ, тарихда бунақаси бўлмаган.
Ҳаётда илоҳий-мўжизакор бўлмаган мавжудотнинг ўзи йўқ. Буни юракдан ҳис этган одамгина тафаккуран қалб кўзи равшанлиги ила англайди.
Муқаддас ҳисобланган Таврот, Забур, Инжил, Қуръон китоблари ҳаётга нисбатан ибрат омилларидир. Мусо, Исо, Муҳаммад бу китоблар яратилишининг сабабчилари холос. Уларни иқтидор ҳукмдорлари - комил ижодкорлар, деб тан олса бўлади. Чунки ер юзидаги бирор зотга Оллоҳ номидан сўзлашга ҳуқуқ ё ваколат берилган эмас. Берилмайди ҳам.
Тафаккуран, ҳам зоҳиран, яхши-ёмонлик, манфий-мусбатлик, энг олий даражадаги бир нуқтасига эришгандагина ер юзида яшашга эҳтиёж қолмайди. Унгача ҳаёт гуллаб яшнайверади.
Инсоният ва ҳаёт тараққиётига хизмат қиладиган эзгулик ғояларини тарқатувчи даҳолар бўлган, бундан кейин ҳам бўлиши муқаррар.
Давлат бошқарувини жилолантириб, сиёсатни оламшумул аҳамиятга молик, умумбашарий манфаатларни ифода этган санъат даражасига етказган даҳолик бўлса Ислом Каримов ҳазрати олийлари даражасида бўлиши мумкин.
Бобомиз соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари курраи заминнинг ярмини забт этгани ҳолда қудратли империя тузиб, деярли қирқ йилга яқин салтанат соҳиби бўлган бўлсалар-да, жаҳондаги халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини боғлаш борасида Ислом Каримов ҳазрати олийлари ўн йил давомида эришган муваффақиятларга эришган эмасди.
Оллоҳ инсонларга ҳаёт бахш этиб, яйраб-яшамоқлари учун курраи замин узра қуёшнинг заррин нурларини таратгандир. Ислом Каримов эса ўз она халқига қуёшнинг заррин нурлари қадар қадрлик озодликни инъом этиб, эркларини ўз ихтиёрларига бергандир.
Доҳиёна, қаҳрамонона қилган ҳар бир эзгу ишлари билан у, асрлар оша миллат пешонасига битган қуёш сингари абадул-абад порлайверади.
Ақл заковати ила мустақил давлатга асос солиб, миллатига озодлик инъом этган, ўзи яратган жамиятда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий муносабатлар изчиллигини уйғунлаштириб, миллат ривож-равнақига бош-қош бўлган, жаҳон халқлари ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини боғлаган, тинчлик-тотувлик барқарорлигига ўз ҳиссасини қўшган, минг йиллардан акс-садо бераётган иймон-эътиқод пойдеворини мустаҳкамлаш шарафига муяссар бўлган буюк зот, арбоб, миллат ғурури, миллат фахри, шак-шубҳасиз миллат доҳийсидир.
Ҳа, Мустақил Ўзбекистон Республикасининг ғурури, фахри бўлган ўз доҳийси ва ўз қаҳрамонлари бор.
Ер-кўкни ёритган
чароғон қуёш,
Баробар сийлагай
ҳар бир тарафни.
Ўз Бегин англаган
қалбларда оташ,
Ки, Оллоҳ бермоқда
шону шарафни!..
УЛУҒБЕК БАРЛОС / Муродов / 1962 йилда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида туғилган. Ҳуқуқшунос, шоир, ёзувчи. 1992 йилда “Митти юлдузим”, 1994 йилда “Телба ошиқ”, 1995 йилда “Эркин қуш”, 1997 йилда “Якка илоҳсан”, 1998 йилда “Йиғлаётган муҳаббат” номли китоблари чоп этилган. Ҳозирда Республиканинг “Ҳуқуқшунос-Юрист” журналида фаолият кўрсатиб келмоқда.
|